Раҳбариятнинг баёнотлари

Беруний тумани ҳокими Сапарбаев Атабек Худайбергеновичнинг Беруний тумани аҳолисига Янги йил байрам табриги

Ҳурматли Беруний тумани аҳолиси, қадрли нуронийлар, ака-ука, опа-сингил ва навқирон ёшлар!

Барчангизни янги йил байрами билан табриклайман. 2022 йил омадли, қувончли ва бахт-саодатга тўла йил бўлсин. Ҳар бирингизнинг оилангизда тинчлик, файзу-барака, осойишталик ҳукм сурсин.

Якунланаётган 2021 йил ҳам ривожланишларга бой бўлди. Амалга оширган барча ишларимиз халқимизнинг янада яхши яшаши, бугунидан рози бўлиши йўлида олиб борилди. Аҳолининг кучли ижтимоий ҳимоясига қаратилган ҳаракатларимиз ўз самарасини берди. 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да туманимиз аҳолисининг ҳар бир жабҳадаги фидокорона ва самарали меҳнатлари натижасида барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришдик.

Юртимизда тадбиркорликнинг янада ривожланиши ўз ўрнида аҳолининг бандлиги билан бирга, даромаднинг ортиши, аҳолининг фаровон турмушига хизмат қилади. 2021 йил давомида 1 декабрь ҳолатига жами 3851 та тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган бўлиб, шундан 1970 таси юридик шахс, 1881 таси якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ҳисобланади.

2021 йилда янгидан тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш бўйича 420 та кичик бизнес субъекти, 400 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилиш режа қилинган амалда бу ишлар бажарилди.

Чет элдан жалб қилинган ҳар бир инвестор аввало ҳудуднинг саноат салоҳиятига жойлашувига алоҳида эътибор қаратади. Беруний туманида инвестиция лойиҳаларининг бажарилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан туманда 2020-2023 йилларда умумий қиймати 1 трлн. 769 млрд. сўмлик 92 та лойиҳаларни амалга ошириш ва янгидан 1375 та иш ўринларини яратиш бўйича манзили дастур шаклланди.

2020-2021 йилларда умумий қиймати 121,6 млрд. сўмлик 71 та лойиҳалар амалга оширилиб, янгидан 411 та иш ўринлари яратилди.

экспорт прогноз кўрсаткичлари бажарилиши юзасидан 2021 йил учун жами 11,3 млн. долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, амалда 1 декабрь ҳолатига 13,3 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ва режа 117,5 фоизга бажарилди.

Жорий йил якунига қадар 14,0 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикасида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан туманда “Беруний пахта тозалаш” АЖга қарашли эски пахта тозалаш заводи ҳудудида 7,2 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил қилинди.

Кичик саноат зонаси жами 49 та лотга ажратилиб, ер майдони

32800 кв. м ни ташкил қилади. Ҳозирда 49 та лотларнинг 47 таси 29 та тадбиркорларга ажратиб берилди ва бугунги кунда қурилиш монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Шундан, умумий қиймати 8 млрд 620 млн. сўмлик (ўз маблағлари

4 млрд 310 млн. сўм, банк кредити 4 млрд 310 млн. сўм) 13 та лойиҳалар ишга туширилиб, янгидан 148 та иш ўринлари яратилди.

Бундан ташқари, туманда “Шаббоз” ОФЙ ҳудудида умумий майдони 5,3 гектар бўлган “ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ташкил қилинмоқда. Хозирда ер майдонларини “E-ijro auksion”га чиқариш ишлари олиб борилмоқда. 

Аҳолининг фаровон турмуш кечириши қулай шароитларда яшаши бўйича қатор ишлар амалга оширилди.

Жорий йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида Беруний ва Абай овул фуқаролар йиғинларида жами 13 млрд. 838 млн. сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилиш режалаштирилди.

Жумладан, 2 млрд. 257 млн. сўмлик 17,9 км ички йўлларга қум шағал аралашмаси ётқизиш ва 1,24 км ички йўлни асфалт қилиш, 315,0 млн. сўмлик 2,2 км ичимлик суви тармоғини тортиш, 1,5 млрд. сўмлик электр таъминотини яхшилаш бўйича 4 та трансформатор пунктини янгидан ўрнатиш ва алмаштириш, 290 та таянч устунлари ўрнатиш, 12,1 км ҳаво тармоғини тортиш, 365 млн. сўмлик 2,5 км пиёдалар йўлакчаси қуриш ва 75 та тунги ёритқичларни ўрнатиш, 330 та якка тартибдаги уй-жойларни аҳоли ўз маблағлари ва ҳомийлик ҳисобидан таъмирлаш ишлари 100 фоизга бажарилди. Қолган 9 млрд. 401 млн. сўмлик 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та фуқаролар йиғини маъмурий биноларини таъмирлаш ва 1 та маданият марказининг янги биносини қуриш ишлари 92 фоизга бажарилиб,  объектлар ишга тушиш арафасида.

 Тумандаги олис ва оғир ҳудуд тоифасига кирган Олтинсой, Дўстлик ва Қизилқалъа овул фуқаролар йиғинларида 4 млрд. 271 млн. сўмлик 2 та мактабгача таълим ташкилоти биносини таъмирлаш, 7 млрд. 872 млн. сўмлик 30 км ичимлик сув тармоғини янгидан тортиш ва 2 та иншоатни реконструкция қилиш, 2 млрд. 25 млн. сўмлик 17,5 км ички йўлларни таъмирлаш ишлари 100 фоизга бажарилди. Қолган 2 млрд. 164 млн. сўмлик 5 та трансформатор пунктини янгидан ўрнатиш ва алмаштириш,
7,0 км ҳаво тармоғини тортиш ва 11,8 км электр тармоғини таъмирлаш ишлари молиялаштириш масалалари ўз вақтида ҳал қилинмаганлиги сабабли 77 фоизга бажарилди. Ушбу қурилиш ва ўрнатиш ишлари жорий йил якунигача тўлиқ бажариш чоралари кўрилмоқда.

Инвестиция дастури асосида 10 млрд. 162 млн. сўмлик 1 та мактабгача таълим ташкилоти биноси, 1 та мактаб биносини таъмирлаш, 4,5 км ичимлик суви тармоғини тортиш, 1 км йўлни реконструкция қилиш ишлари 100 фоизга бажарилди. Қолган 5 млрд. 27 млн. сўмлик туман марказида 4,3 км. пиёдалар, велосипед ва ногиронлар йўлакчасини қуриш ишлари 96 фоизга бажарилиб, жорий йил 25 декабрга қадар фойдаланишга топширилади.

Шунингдек, туманда ички йўлларни яхшилаш бўйича 5 млрд.
720 млн. сўмлик 7,4 км йўлни асфалт ва реконструкция қилиш, 2 млрд.
146 млн. сўмлик 12,9 км тупроқ йўлларга қум шағал аралашмасини ётқизиш, 87 млн. сўмлик 400 метр ер ости газ тармоғини реконструкция қилиш ишлари 100 фоиз га бажарилди. Қолган 9 та фуқаролар йиғинларида электр таъминотини яхшилаш бўйича 4 млрд. 49 млн. сўмлик, 6,5  км электр тармоғини тортиш, 26,7 км паст кучланишли электр тармоғини модернизация қилиш ва янгилаш, 7 та трансформатор пунктини ўрнатиш ишлари молиялаштириш масалалари ўз вақтида ҳал қилинмаганлиги сабабли 77 фоизга бажарилган. Ушбу қурилиш ва ўрнатиш ишлари жорий йил якунигача тўлиқ бажариш чоралари кўрилмоқда.

Оролбўйи минтақасини ривожлантириш маблағлари ҳисобидан жами 1 млрд. 530 млн. сўмлик 6 та 2 қаватли кўп хонадонли уй-жойларнинг том қисмларини мукаммал таъмирлаш ва 6 та 2 қаватли кўп хонадонли уй-жойларнинг фасад қисмларини таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.

Тумандаги “Ибн Сино” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида мавжуд муаммоларини бартараф этиш, аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини янгилаш, йўл-транспорт инфратузилмаси, мухандислик-коммуникация тармоқларини таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида 444,0 млн. сўмлик 2,75 км ичимлик сув тармоғини тортиш, 1 млрд. 749 млн. сўмлик 4,14 км ички йўлларни асфалт қилиш, 193 млн. сўмлик 1,4 км ички йўлларга қум шағал аралашмасини ётқизиш, 167,0 млн. сўмлик 1,1 км пиёдалар йўлакчасини қуриш, 417 млн. сўмлик 3,4 км электр тармоғини тортиш ва  2 та трансформатор пунктини ўрнатиш, 30 млн. сўмлик 30 дона тунги ёритқичларни ўрнатиш ишлари тўлиқ бажарилди.

Уй-жой қурилиши бўйича туманда 2021 йил дастури асосида 22 млрд. 179 млн. сўмлик 4 та 5 қаватли 110 хонадонли уй-жойлар қурилиш ишларидан 1 таси 91 фоизга, 3 таси 57 фоизга бажарилиб, шундан 1 тасини йил якунига қадар, қолган 3 тасини 2022 йил 1 чорагида тўлиқ якунлаш режалаштирилган.

Шунингдек, туман марказининг “Тўқимачи” МФЙ ҳудудидаги “Гулзор” мавзесида банк кредити ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 74 млрд. 521 млн. сўмлик 6 та 5 ва 4 қаватли 323 хонадонга мўлжалланган уй-жойлар қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шундан бугунги кунда лойиҳа қиймати 35 млрд. 21 млн. сўмлик 3 та 4 ва 5 қаватли 159 хонадонга мўлжалланган уй-жойлар қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган 3 та 4 ва 5 қаватли уй-жойларнинг қурилиш ишлари 60 фоизга бажарилиб, 2022 йилнинг 1 чорагида тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Тумандаги ўзгаришларни бевосита ёшлар билан боғлайдиган бўлсам 2021 йил давомида йил дастурига ҳамоҳанг равишда кўплаб ишлар амалга оширилди.

“Ёшлар дафтари”ни юритиш бўйича туманда яшовчи аҳолининг 39 633 нафарини ёшлар (18-30 ёш) ташкил қилади.

Жорий йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган 7304 нафар ёшлардан 7173 (98,2 фоиз) нафар ёшларнинг муаммоларига амалий ёндашилиб, ижобий ҳал қилинди. Жумладан,

– 4020 нафарига ер майдонлари ажратилди;

– 345 нафарига имтиёзли кредитлар ажратилди.

– 1560 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.

– 790 нафарига ўзини-ўзи банд қилиш учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари берилди.

– 80 нафари уста-ҳунармандларга шогирд қилиб бекитилди.

– 210 нафар ёшлар ташқи миграция билан ишга жойлашди.

– 82 нафар ёшлар ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланди.

– 29 нафар ёшларга 113,4 млн. сўмлик контракт-шартнома пуллари тўлаб берилди.

– 8 нафар ёшларнинг 36,1 млн. сўмлик сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадал пули тўлаб берилди.

– 49 нафар ёшларнинг 91,7 млн. сўмлик БС тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун 75  фоиз маблағлари тўлаб берилди.

“Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан асбоб-ускуналар харид қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш, иқтидорларини қўллаб-қувватлаш, контракт тўлови ва бошқалар учун жами 1582 нафар ёшларга 1336,6 млн. сўмлик маблағлар ажратилди.

Ҳозирги кунда Ёшлар дафтарида турган 131 нафар ёшлар билан алоҳида шуғулланиш учун тизим йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг шу кунига қадар 5422 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди

1035 нафар ёшларнинг доимий  бандлиги таъминланди.

Жумладан,

– Бўш иш ўринларига жойлаштириш ҳисобидан 618 нафар,

– Янги лойиҳалар ташкил этиш ҳисобига 51 нафар,

– Вақтинчалик жамоат ишларига 366 нафар.

Шунингдек, 46 нафар ёшларнинг меҳнат миграцияси орқали банлиги таъминланди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 493 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун 15 млрд. 714 млн. сўмлик кредитлар ажратилди.

Бундан ташқари, 990 нафар ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. «Ёшлар 1+1» дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга 576 нафар ёшлар бириктирилди.

Амалга оширилган ишларни рақамларда эмас реал турмушда ўз аксини топишида барча сафарбарликни қаратганмиз. 2021 йилдаги ўз якунига етмаган ишларимизни 2022 йилда давом эттирган ҳолда кўплаб ютуқларга эришишга ишонамиз. Бу борада албатта ҳаётимизда  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда. Аҳолининг яхши яшаши, бугунидан рози бўлиши, эртанги кунга ишончи ҳар доимгидан ҳам юксак бўлишини таъминлаш бизнинг вазифамиздир.

Ҳурматли берунийликлар!

      Барчангизни яна бир бор Янги йил билан табриклайман.Юртимизда тинчлик-осойишталик, файзу барака мудом кезиб юрсин. Фарзандларимизнинг камолини кўриб юриш насиб қилсин. Янги йил шукуҳи йил давомида ҳамроҳ бўлсин. Байрамингиз муборак бўлсин.

 

Ҳурмат ва эҳтиром билан Беруний тумани ҳокими Сапарбаев Атабек Худайбергенович!